Агентлик ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги (кейинги ўринларда Агентлик деб аталади) давлат органлари ва ташкилотларида инсон ресурсларини ривожлантириш ҳамда ходимларни бошқариш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш учун масъул бўлган давлат фуқаролик хизмати ишлари бўйича ваколатли давлат органи ҳисобланади.
Агентлик тўғридан-тўғри Ўзбекистон Республикаси Президентига бўйсунади ва унга ҳисоб беради.
“Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги тўғрисида”ги Низом Агентликнинг мақоми, асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқ ва масъулияти, фаолиятининг ташкилий асосларини белгилаб беради.
Агентлик ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек, ушбу Низомга ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ўз номи ёзилган ва Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвирланган муҳр ва бланкаларга, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида шахсий ҳисобварақларига эгадир.
Агентлик марказий аппарат ва унинг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ҳамда 12 та вилоятлардаги филиалларидан иборат.
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ўз ваколати доирасида қабул қилинган қарорлари давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ижро этилиши мажбурий ҳисобланади.
